Friday, 18 May 2012

Илоҳий чизма


Бола курсида ўтириб матога гул солаётган онасининг ишини тескари томондан томоша қиларди. Қанча тикилмасин, ҳеч нарса тушунмади ва онасига деди:

– Сиз чиройли нақш тикяпман дегандингиз, аммо мен чалкашиб кетган ипакларни кўряпман, холос.

Она кулимсираб ўғлининг сочларини силади ва:

– Сен бир оз ўйнаб кел, – деди. – Нақшни битирганимдан сўнг томоша қиласан, хўпми?

Бола кўчадан қайтганида нақш битган эди. Онаси унга: “Мана, энди каштани ўнгидан кўр-чи!” деди. Боланинг кўзлари яшнаб кетди – чамбарга таранг тортилган матога жудаям гўзал гул тасвири тикилганди. Ҳайрати янаям ошди – нега терсидан қаралса, чалкаш ипаклару, ўнгидан қаралганда ажойиб нақш?

– Тескаридан қарасанг, нақш чалкаш туюлгани сабаби, – тушунтирди она, – сен тикиш олдидан матонинг ўнгига чизиб олинган асос режани кўрмагандинг. Ипакларни ўша чизма устидан юргизиб чиқдим ва кўриб турганингдек гул тасвири юзага келди...

Бола умр бўйи онасининг ана шу гапини унутмади. Улғайганда ҳам турфа ҳодисаларга дуч келганда ўша воқеани эслайдиган бўлди. Ҳаётининг худди нақш сингари илоҳий қудрат қўли ила яратилгани; у учун чалкаш, маъносиз ва ёмон кўринган ҳодисалар аслида илоҳий чизма бўлиб, улар асосида гўзал тасвир вужудга келиши, хайрли якун насиб этишига ишонгани учун ҳам аҳволидан асло шикоят қилмади...

Саодатга етишиш


Ҳар қандай ҳолатни ҳам розилик билан қабул қилиш мўминлик белгиси. Зеро, бунда Аллоҳ таоло розилиги бор. Илоҳий ризога эришиш эса мусулмон одамнинг энг улуғ орзуси. Кўпчилигимизга, бирор неъмат берилса, ўзимизни лойиқ деб билганимиз учун ҳам “нега менга?” деган савол хаёлимизга келмайди. Аммо қийинчилик етса, тилимизга чиқармасак-да, дилимиздан: “Нега машаққатларга фақат мен дучор бўларкинман?” деган савол ўтиши бор гап. Шундай пайтлар ўзимиздан юқори эмас, пастдагиларга қараш ҳақидаги муборак тавсияни унутиб қўямиз...

Яна бир ҳақиқат бор, банда илоҳий ризога фақат амаллари билан етишолмайди. Балки оз бўлса ҳам, амалнинг ихлос ила бажарилгани, ўша амал эгасининг ҳар қандай ҳолатда қазойи қадарга розилиги саодатга етишиш асосидир.

Friday, 11 May 2012

Бахт саройи


Тоҳир Малик. Келинлар дафтарига

Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг «Анна Каренина» деб номланган асари шундай сатрлар билан бошланади: «Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир». Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи! Икки толиба дугонанинг бири ҳаё тарбиясини мукаммал олган, иккинчиси эса саёз. Ўша иккинчиси базму зиёфатларда яйраган пайтида кутубхонада ўтирган дугонасидан кулади, чиройли кўйлак сотиб олишга пули етмагани учун уни бахтсиз деб ҳисоблайди.
...

Афсуски, қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб бойлигини беришни унутиб қўямиз. Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари хотиннинг эр ҳузуридаги бурчи хусусида фикр юритиб, шундай ёзганлар:
“Эрнинг хотинидаги ҳаққи мавзуида ҳаммага ёқадиган гап шулки:
-Никоҳ, қайси бир жиҳатдан бандаликдир, демак, хотин эрининг олдида бандаликни адо этиши шартдир.
Бу борадаги қатъий ҳукм шундан иборатдир:
-Хотин гуноҳ бўлмайдиган ҳар қандай масалада эрининг хоҳишларига сўзсиз итоат этиши керак.
Аллоҳ Расули дедилар: “Қайси хотиннинг эри ундан мамнун ҳолда вафот этса, ўша хотин албатта жаннатга киради”.
Эрдан берухсат уйдан бировга бир нарса бермаслик, эрдан рухсатсиз нафл рўза тутмаслик ҳам эрнинг хотиндаги ҳаққи жумласига киради. Агар эрига билдирмай унинг мулкидан бировга бир нарса берса – хотинга гуноҳ, берилган садақанинг савоби эса эрига ёзилади. Эридан ижозат олмай рўза тутса қабул бўлмайди, оддий очлик ва чанқоқлик бўлади. Хотин эридан изн олмай уйидан чиқса, уйига қайтиб келгунича ва тавба қилгунига қадар фаришталар унга лаънат ўқийдилар.

Ҳақ-ҳуқуқлар бўйича кўрсатмалар етарли. Лекин уларни бажаришда баъзан хатоликларга йўл қўйилади. Яқинда бир маҳаллада ёш оила бузиладиган даражага келди. Эрнинг даъвоси битта: хотин унинг чўнтагидан пул олган. Эр юқорида зикр этилган ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Тўғри, хотин у ухлаб ётган маҳалида чўнтагидан пул олган. Лекин атайин беркитиқча эмас, сут харид қилиш учун олган. Эри кеч келиб, уйқуга кеч ётгани учун уйғотиб сўрашга кўнгли бўлмаган. Бу – бирламчи. Иккиламчи ва энг муҳими – хотин бундай кўрсатмалар ва ҳукмлардан бехабар. Ота-онаси ҳам, эри ҳам унга бу ҳақда гапиришмаган. Шундай экан, уни айблаш, бизнингча, инсофдан эмас. Бу ўринда эрнинг норози бўлиши нотўғри. Хотиндан ажрашишга баҳона қидириб юрганида шу воқеа содир бўлгану, ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Бу жаҳолатдан бошқа нарса эмас.

Оиладаги эр ўрнини, мартабасини чойхонада тўпланадиган тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси:
«Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ислоҳ этишга уриниш бўлса, билингки, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етилади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оила бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.

Демак, оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий масъулияти бор экан. Аёлнинг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканларини унутган айрим эрлар борки, уларнинг ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти келмадимикин?
Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмиза олмаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи. Ислом дини оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради. Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди» (Бақара сурасидан). Ислом дини эр куч-қувватли деб, аёлни эр тарафидан хўрлатмайди; аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди.

Баъзи бир эрлар дейишсаки: «Мен хотинимнинг ҳаққини билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам, хумордан чиқмайман. Урмасам, қўлим қичиб туради». Шундайми? Яхши, аммо бунинг учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни огоҳлантиради: «У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур». Ажаб! Нега охират куни эр ўз хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз, қандай яшагингиз келса, яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди. Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимаган, сариқ чақага олмаган, ҳақоратлаган, хўрлаган, қул ўрнида кўрган одамининг шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. «Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, улар сизнинг ёрдамчиларингиз ва сизнинг мададингизга муҳтождирлар. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир». Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Вадо хутбаларидаги бу васиятларини ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу, Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақлаш керакдир, дегани бўлади.

Сирдошим - қизим, эшит...


Бахтиёр МУҲАММАДАМИН Абдурраҳим ўғли


Шукроналар айтамиз , юртимиз мустақил бўлиб , мисоли дарё ўзининг азалий ўзанига қайтганидек бўлди . Ўзлигини топган халқимиз кечаги кунда йўл қўйган хатоларини бугун ҳақиқий таҳлилдан ўтказмокда ва керакли ҳамда тўғри қадамни дадил ташламоқда . Зотан , соғлом маънавиятнинг талаби шундай бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Кўп минг йиллик тарихни бошдан кечирган халқимизнинг ҳар соҳада ўзига хос ва мос миллий қадриятларга, йўриқларга эгалиги шубҳасиздир. Демак , ҳар қандай бемаъни оҳангларга йўрғалаб кетиш халқимизнинг шаънига тўғри келмаслиги аниқ. Истиқлол неъматига эришишдан олдинги даврларда йўл қўйилган хатолардан асосийлари сифатида кийинишнинг, одоб ахлоқнинг издан чиққанлигини айтса ҳам бўлади. Қўлингиздаги китобча ана шу каби иллатларни муолажа қилади. Муборак бўлсин.

Кел , қизим , самимий гаплашамиз . Мен сени кўрмаганман , кўришим шарт ҳам эмас. Сен ҳам менга нисбатан шундайсан. Мен сендан ҳеч қандай манфаат кутмайман . Сен ҳам шу. Менинг « қизим » деб мурожаат қилишим сенга малол келмасин. Бу китобни ўзингнинг хайрихоҳ ва ғойибона дўстинг сифатида қабул қил ва унда ёзилганларни холисона таҳлил этишга ҳаракат қил . Унда сен учун ҳеч қандай ёмонлик йўқ . Ҳали ёшлигинг сабабли ҳаётда сен кўрмаган ёки кўрган бўлсанг ҳам ҳали унчалик тушунмаган ҳаётий ҳодисалар ҳақида бу китобда ҳар тарафлама тахлилий фикрлар айтилади.

Мактаб дарслигида ўқиган бўлсанг керак , буюкларимиздан Алишер Навоий ҳазратлари ўзининг бир қитьасида Ҳазрати Алининг ҳикматли сўзини таржима қилароқ , айтадиларки : « Кўрма ким дер , кўрким не дер ». Яъни « Ким гапираётганига эмас, нима гапираётганига эътибор қаратгин » дейдилар. Амал қилишга арзийдиган гап , тўғрими ? Соғлом ақл тўғри гапларни қабул қилиши лозим . Сени оқила қизлардан бири бўлсанг керак , деб ўйлайман. Китобчани ўқиётганингда ҳеч аччикланма, ё уни ( яъни мени), ё ўзингни айблаб қўйма .

БИРИНЧИ СУҲБАТ: СЕНИНГ БОЙЛИГИНГ

Мен сенинг кимлигангни ва қандайлигангаи билмайман- у, лекин сенинг бойлигингни сенинг ўзинггга санаб бермоқчиман. Ҳар қандай аёлнинг (шу жумладан сенинг ҳам ) учта катта бойлиги бор . Булардан биринчиси — жисму жони, иккинчиси — иймони , учинчиси — ҳаёси . Инсон зотига хос бўлган оддий одатлардан бири шуки, бойлигани яширади. Ёшгина гўдак ҳам , ўрта ёш одам ҳам , кекса ҳам — ўзида бор нарсаларни бошқалардан яшириши табиий ҳол . Аммо сендаги бор бойлик ҳар қандай қимматбаҳо нарсалардан қимматроқдир . Ҳозир дунёда яшаётган инсоният ичида энг бой кишиларнинг даромади ёки сармояси миллиард доллар деган оддий бир ўлчов билан ўлчаниши урф бўлган. ( Оддий деганимнинг сабаби — ҳамманинг оғзида бу гаплар бемалол айланганидандир). Ишонгин — ҳар қанча бойлиги бор одамнинг бойлигини қандайдир ўлчовларда ўлчашнинг иложи бор , бироқ сендаги мазкур бойликня ҳеч қандай ўлчов билан ўлчаб бўлмайди. У — бебаҳо ва жуда улуғ хазинадир .

Бундай бойликдан ажралиб қолиш аёл киши учун энг катта мусибат ва кулфатдир . Агарчи у аёл дунёдаги энг бой миллиардер бўлса ҳам ! Нечукким, табаррук китобларда ёзилишича, « Ҳаёсиз хотиннинг урғочи эшакдан фарқи йўқ ». Менимча, тўғри хулосани чиқариб бўлдинг — агар аёл шу учта бойлигани лозим даражада қадрлаб , сақлай олса, у энг яхши ва бой аёл , агар қадрига етмаса ва сақлаш ўрнига уятсизларча кўз- кўз қилиб юрса, бекитмаса , ҳозиргина номи келтирилган ҳайвондан ҳам баттар бўлиб қолар экан.

Одамзотга теккан умумий «касаллик» лардан бири — бойлиги қанчалик кўпайса , уни яшириб , қўриқлашга шунчалик кўп ҳаракат қилади. ( Ҳаммамиз ҳам шундаймиз). Қайта - қайта , устма - уст қулфлаш, яшириш билан , қўриқчилар қўйиш билан бу ишнинг чораси қилинади. Тарихда ўтган энг бой кишилардан бири — Қуръони каримда номи зикр қилинган, адабиётда ҳам бойлик рамзи ҳисобланадиган Қорун деган бойдир. Унинг бойлиги қанчалигини тасаввур қилиш осон эмас, чунки унинг хазинаси сақланадиган сандиқларнинг қулфига тушадиган калитларини бир неча бақувват йигитлар кўтариб юришар экан. Ҳозир дунёдаги энг бой кишида неча сандиқ бойлик бор ? ( Оддий ёғоч сандиқ эмас, энг замонавий сейфлар назарда тутиляпти , албатта ). Ўша Қоруннинг даврида ҳозирга замондагидек қоғоз пуллар, акциялар, банклардаги махфий ҳисобларда турган қандайдир рақамлар эмас, балки ҳақиқий ва нақд олтин , кумуш ва шунга ўхшаш қимматбаҳо нарсалар сақлаш одат бўлганлигини ҳисобга олсак , ҳозирги замон бойларининг ҳаммасининг бойлигини тўплаганда ҳам , эҳтимолки Қоруннинг бойлигича чиқмаса керак .

Мен сенга бу гапларни гапираётганимдан мақсад — дунё бойлиги ҳар қанча кўп бўлса ҳам , сендаги бойлиқдан қиммат эмаслигини айтишдир . Бинобарин, сендаги бу қадар катта бойликни сақлаш ҳам осон иш эмас. Чунки бу бойликнинг ўғрилари, изидан қувиб юрадиган овчилари кўп .

Ана , кўргин, жуда кўп аёллар озгина дунё молига алданиб , жисму жони, иймони ва ҳаёсини сотиб қўядилар-да, кейин хор ва расво бўладилар . Охир-оқибат руҳи эзилган , ҳеч нарсадан қаноатланмайдиган, сурбет, бахтсиз, паришон бўлиб қоладилар . (Худо асрасин !). Ҳозир ер юзида ўн миллионлаб аёллар ярим яланғоч ёки кийимсиз ҳолда кинога, ҳар хил рекламалар, газета - журналлар ва интернет саҳифаларида кўриниш учун суратга тушишга ишқибоз бўлиб қолишган. Ҳатто , кўчаларда ҳам деярли кийимсиз бемалол юришдан ҳузурланадилар. Уларнинг қўлида бойлиги , пули, қимматбаҳо ҳар хил тақинчоқлари кўп бўлиши мумкин- у , аслида энг камбағал, қашшоқлар ана ўшалардир. Уларни олдинда ва келажакда ҳеч қандай яхшилик кутаётгани йўқ , аксинча , шармандалик, руҳий хасталик, ёлғизлик ва ҳайвонларча ўлим кутяпти . Бойлигини эса ё кимлардир ҳар хил ҳийла ёки зўравонлик билан тортиб олади , ё ҳаромдан орттирган , ёки асраб олган бирор боласига, ёки биронта қариндошига, баъзан эса бирорта яхши кўрган ҳамда кеча- кундуз бирга яшайдиган ит, мушук , ё шунга ўхшаш бирор хайвонига мерос қилиб қолдиради .

КАТТА РАҚАМЛАРДА « САВДО» ЛАШАМИЗ!

Миллиард сони қанчалик катта бўлишига қарамай , олдинги мавзуимизда уни бир неча марта тилга олиб ўтдик . Миллиард сони ҳақида ёшлигимда бир китобда қуйидагича ўқиган эдим: « Миллиард сони жуда катта сон . Миллиардгача санаш учун 45 йил керак бўлади.» Бу маълумотга шундай-лигича ишониб кетаверганман , ҳали ҳам шундай, лекин санашга ҳаракат қилганим йўқ (зарурати ҳам йўқ , керак ҳам эмас). Хуллас, сен билан келишдикки , миллиард катта, жуда- а катта рақам экан. Энди мақсадга ўтамиз

Тошкентда 2-2.5 миллион Узбекистонимизда 27 миллион киши яшаса , бугун ер юзида 6.5 миллиард киши яшайда Шу 6.5 миллиард аҳолидан тахминан 3.5 миллиардга яқинини аёл кишилар, 3 миллиарддан кўпроғини эр кишилар ташкил этади .

3.5 миллиард аёллар ичида 15-16 ёш билан 45-50 ёш оралиғидаги , том маънода аёллик куч -қувватига эга бўлган хотин - қизлар сони тахминан 2 миллиардга яқинроғини ташкил этади . Ана шу 2 миллиардлик улкан аёллар жамоасининг 1 нафари, яъни битта вакиласи сенсан. 3 миллиарддан кўпроқ эркакларнинг тахминан 60 фоизини, яъни 1 миллиард 800 миллионини 15-16 ёш билан 55-60 ёш оралиғқцаги , том маънода эркаклик қувватига эга бўлган эр- йигитлар ташкил қилади.

Демак , бошқача айтганда, тақрибан 2 миллиард нафарлик аёллар ва 1.8 миллиард нафарлик эр- йигитлар жамоаси тўғридан- тўғри , бевосита оила қуриб , фарзанд кўриш қобилиятига эга.

Келтирилган рақамларда ноаниқлик бўлиши табиий, чунки ҳеч ким бу рақамларни аниқтиниқ айтиб беролмайди . Тўғри , статистика идоралари аниқроқ маълумотларни айтиши мумкин-у , лекин у рақамлар ҳам мукаммал даражада тўғри бўлишининг ҳеч иложи йўқ , чунки саноқ билан шуғулланилаётган вақтнинг ўзидаёқ ер юзида неча- неча кишилар ўлиши ва неча-неча чақалоқлар дунёга келиши муқаррар. Қолаверса , келтирилган рақамларнинг сал - пал нотўғри чиқиши суҳбатимизнинг асосий мақсад мазмунига ҳеч қандай путур етказмайди. Шундай улкан рақамларни, улуғ гапларни ёзар эканман , мен донишмандлик ёки бошқа бирор мартаба даъво қилаёт- ганим йўқ , балки сенга кенг ва теран миқёсларда фикрлашнинг, муфассалроқ, аниқроқ , ойдинроқ хулоса чиқаришнинг намунасини кўрсатмоқчи бўляпман, холос .

Энди эса соддароқ, эҳтимол қўполроқ туюлиши мумкин бўлган бошқа бир гапни айтмоқчиман: 100 та ёки 1000 та ёки 10000 та оч бўри 1 та қуённинг гўшти билан қаноатланишининг сира ҳам иложи йўқлигини жуда аниқ тушуна оласан, бунга ишонаман . Шунинг сингари уйидан кўчага чиқаётган аёл ёки қиз бола « Мен ҳаммага чиройли кўринишим керак , мен ҳаммадан гўзал бўлишим керак , одамлар менга қараб ажабланиб қолишсин , мана, мен энг сўнгги модада кийиняпман , пардоз- андозим ҳам ҳавас қилгулик даражада « деган фикрни ҳеч қачон қилмасин, чунки бундай даъво қилиш дуруст эмас. Гапларимдан ранжиб кетяпсанми? Шошилиб фикрлама. Тўғри , бундай фикрловчи аёллар балки озчиликни ташкил қилар , лекин бир ҳақиқатни ҳеч эътиборингдан соқит қилма : Ўша 1.8 миллиард эркакнинг деярли ҳаммасини ҳозиргина мисоли келтирилган оч бўрига ўхшатиш мумкин ( Албатта , бу гапим кимга оғир ботса, узр сўрашга тайёрман)

Аёл киши учун энг яқин маҳрам эркаклар, деганда қуйидага қариндошлар тушунилади : унинг отаси , ака - укаси , тоғаси , отасининг ака - укаси , ўғли, эри . Ўша аёл учун бундай қариндошлар ва яқинлар бутун дунёдаги 1.8 миллиардлик эркаклар жамоасининг ичида бор -йўғи 15-20 ёки 25 нафарни ташкил этиши мумкин. Балки яна бир -нечта кўпроқ бўлиши мумкин-у , лекин бу рақамлар 1.8 миллиарднинг ичида жуда ҳам арзимас сон эканлиги аниқ. Демак , аёл ёки қиз бола ўзининг шаънини сақлаб қолиши учун, олдинги мавзуда зикр қилинган БОЙЛИГИНИ эҳтиётлаши учун 1.8 миллиардлик эркаклар жамоасидан ўзини имкон қадар узоқца тутишнинг иложини қидириши ва шундай қилиши лозим . Бу осон иш эмас. Лекин айт -чи, ҳаётда нима осон?!

Унутмагинки , мен ҳам ўша 1.8 миллиардлик улкан эркаклар жамоасининг ичида ҳисоблана туриб , сенга нималар деб ёзаётганимни аниқ билганим ҳолда дўстона фикрларни айтяпман. Бу гапларни арзимас нарса деб ҳисобламагин.

Яна холисона айтадиганим шуки, ақли расо қизсан, ўйлаб кўриб , ўзингга маъқулини қил . Менга эса сенинг мукаммал БАХТЛИ бўлишинг, САОДАТга эришишинг муҳимроқ, токи, эрта бир кун « Ээ, хайрият - э, ўзимни тутиб олган эканман , Худога шукр!» дея олгин .

Thursday, 10 May 2012

Kelin bo'luvchi qizga beriladigan o'git


Bu hikoya juda mashhur, ibrat darsi beruvchi bir hikoyadir. Aqlli qizlar onalari va kelin bo'lguvchi qizlar uchun ibratli hikoya.

Bu hikoya shunday bir qiz haqidagi hikoyaki, uning otasi qabila boshlig'i, qabiladagi barcha odamlar uning amridadir. Bir rahbar, alloma otaning qizi. Onasi juda aqlli, oqila, hayotni yaxshi bilgan onadir.

Bu qiz shunday bir oila qiziki, boylik, maqom, shuhrat, rutba, mavqe ularda bor. Siz hozir qiziga onasi tarafidan berilgan o'n o'gitning hikoyasini o'qiysiz. Yozish bizdan, o'qib ibrat darsi olish sizdan, xalqqa ta'sir etish Janobi Haqdandir.

Mashhur rivoyatga ko'ra, Horisning qizi Asmo kelin bo‘lib kuyov uyiga - xojasining uyiga ketadigan kun onasi Umoma tomonidan shunday nasihat berilgan:

"Bolajonim, sevikli qizim, meni yaxshilab tingla. Nasihat har kimga lozimdur, o‘git hammaga zarurdir. Nasihat bilmaganga o‘rgatadi, bilganni esiga soladi".

"Sevikli qizim! Agar bir qiz ona va otasining kambag’alligi uchun erga berilishi kerak bo‘lsaydi, sen hech zamon uzatilmagan bo‘larding. Chunki otang juda badavlat, katta shuhrat, maqom va e‘tibor soxibidir. Sen shunday bir odam qizisan!

Lekin hayot boshqachadir. Alloh bizlarni yaratgan va biz uchun hayot qonunlarini bergan. Har bir yoshdagi inson Alloh bergan qonunlar chegarasida hayotini o‘tkazadi. Alloh bergan qonunga ko‘ra, hayotga qadam qo‘yadigan vaqti kelganda, har bir qiz bir xojaga, har bir xoja bir ayolga muhtoj bo‘ladi. Erkaklar xotinlar uchun, xotinlar esa erkaklar uchun yaratilgandir. Ya‘ni bir xotin bir erkak bilan, bir erkak esa bir xotin bilan do‘st, mahbub va mahbuba bo‘lib oila qurmoqlikka muhtoj shaklda yaratilgandir. Bu Alloh qonunidir. Bu qonunni hech kim buza olmaydi. Bu qiyomatga qadar davom etadi.

Shu sababli sen, qizim, tug’ilib o‘sgan va voyaga yetgan uyingdan, yayrab-yashnab, o‘ynab yurgan yeringdan chiqib o‘zing bilmaydigan, notanish bir uyga borasan. Shunga qadar o‘zing yaxshi bilmagan inson uyiga, o‘z uying bo‘ladigan uyga borasan.

Ey, mening jigarporam, suyukli qizim, ko‘zimning nuri, bolajonim! Senga shularni aytaman. Sen ul zotga (eringga) shunday xizmat qilki, ul ham senga qul bo‘lsin! Sen unga yer bo‘lki, u senga osmon bo‘lsin! Sen xojang - eringga bir uy bo‘l, ul senga ustun bo‘lsin! Sevikli qizim! Endi sen meni diqqat bilan tingla! Senga ba‘zi bir mezonlarni aytib o‘taman. Ularga yaxshi e‘tibor bergin. Hech ular yodingdan ko‘tarilmasin, ulardan vaqti kelganda foydalanasan. Bu aytganlarimga amal qilsang ering bilan go‘zal hayot kechirasizlar, mas‘ud, baxtiyor va saodatli turmush ko‘rasizlar. Bizlar ham (har ikki oila - bizning ham, eringning oilasi ham) huzur-halovatda baxtiyor bo‘lamiz. Aks holda (ya‘ni - aytganlarimga amal qilmasang) ikkala oilada ham huzur-halovat bo‘lmaydi. Sen o‘zing bir jahannamda yashaganday bo‘lasan.

Qizim! Endi senga aytadigan o‘n o‘gitimga quloh sol! Bularni doimo yodingda tut:

1. Qanoat sohibasi bo‘l. O‘z holingga shukr hil. Ya‘ni ering uyga nimaiki olib kelsa, u xoh yeydigan, xoh kiyadigan narsa bo‘lsin, xushfe‘llik bilan, go‘zal odob bilan qabul qilib ol! Eringga tashakkur aytib xushnudlik ko‘rsat. Zero, baxtli hayot kechirishning bir yo‘li o‘z holiga shukr etmoqlikdir. Holiga shukr etmagan, o‘z nafsini tiymagan kishida ko‘ngil huzuri, qalb rohati bo‘lmaydi!

2. Eringga itoat qil, qil degan ishlarini qil, qilma deganini qilma! Ya‘ni ering bilan suhbatlashganda, muloqotda bo‘lganda itoatli bo‘lishingni, uning so‘zlarini odob bilan tinglab ado etishingni sening so‘zlashib, quloq solishingdan tushunib oladigan bo‘lsin. Shunda Alloh Taolo sendan xushnud va uyingiz saodat nuridan porloh bo‘ladi.

3. Eringning ko‘zi tushadigan joylarga yaxshi e‘tibor ber! Ya‘ni uyning ichini, tashqarisini nihoyatda toza tut. Shunday qilki, xojangning ko‘ziga bir chirkin yer ko‘rinmasin.

4. Ust-boshingni toza tut. Ering faqat xush bo‘yni sezsin, dimog’iga yomon hid kelmasin. Chunki yomon hidlar erning ko‘z o‘ngida sening obro‘yingni tushiradi. Sendan irganishiga sabab bo‘ladi. Shuni yaxshi bilgilki, tozalik va zaryflik eng yaxshi narsalardir, inson ko‘ziga hush ko‘rinishlik shular bilandir.

5. Ovqatni vaqtida tayyorla. Ya‘ni ovqatlanish vaqtini hech qachon kechiktirma. Ering hachon ovqatlanishga o‘rgangan bo‘lsa, o‘sha paytda ovqatingni tayyorlagin. U kelishi bilan darhol dasturxon sol. Shuni yaxshi bilginki, ochlik insonning tez jahlini keltiradi.

6. Uyqu vaqtini, uyg’onish paytini yaxshi bilib ol! Ya‘ni, uning qachon uyquga yotish payti bo‘lsa, o‘rnini tayyorlab qo‘y. Zero uyqusizlik insonni xafaxon etadi. Asablari buzuq, xafaxon odamlarning ehtirosi, muhabbatini sekin-sekin so‘ndiradi.

7. Xojangning moli va ashyosiga juda e‘tiborli bo‘l! Ya‘ni xojangning mol-dunyosini yaxshi saqla, ashyolarini-avayla, muhofaza qilgin, chunki uning mol-dunyosi senikidir. Erning mol-dunyosini isrof etmaslik, ish bilish va qadriga yetish demakdir.

8. Eringning qarindoshi va yaqinlariga hurmat ko‘rsat! Ya‘ni xojangning qarindoshlari va yahqinlariga hurmat, xojangning e‘tiborini qozonmoq demakdir. Ularni hurmat qilish xojani hurmat qilish demakdir. Bu esa qadr va e‘tibor qozonishdir.

9. Eringning sirini boshqalarga aytma! Ya‘ni eringning ba‘zi sirlarini bilgan vaqtingda ehtiyot bo‘lib uni saqla, birovlarga aytib yurma. Agar aytib qo‘ysang, uning g’azabini keltirib qo‘yasan, ishonchini yo‘qotasan. Bunda tuzayotgan oilangiz buziladi.

10. Eringning dinga to‘g’ri keladigan barcha buyruqlarini ado qil! Ya‘ni xojangning dinga uyg’un bo‘lgan buyruqlarini bajarishda tanbal bo‘lma. Hech qachon unga nisbatan itoatsiz bir harakat bo‘lmasin. Agar shunday bir harakat bo‘lsa, senga kin saqlab oxiri dushman bo‘ladi. U senga dushmanlik yo‘lini tutsa, sen ko‘p zarar ko‘rasan va qo‘lingdan hech narsa kelmaydi.

Shuni yaxshi bilib olginki, xojang xafa bo‘lganda sen nash‘ali, xursand bo‘lishdan, u xursand bo‘lganda sen xafa ko‘rinishdan juda ehtiyot bo‘lgin. Chunki uning xafa bo‘lgan paytida sening xursand ko‘rinishing, uning quvonchli bo‘lgan vaqtlarida sening g’amgin bo‘lishing unga hamdard bo‘lmaslik kabi bir qusurni o‘rtaga tushiradi. Bu esa fahmsiz va tarbiyasi yomon odamlarga munosib ishdir.

Bu sen kabi yuksak bir tarbiya ko‘rgan aqlli va oqila xotinlarga munosib emas. Bolajonim! Eringga qanchalik ko‘p sevgi va hurmat ko‘rsatsang, o‘zing shunchalik muhabbat va hurmatga erishasan. Aytganlarini qanday bajarsang, so‘zlarini tinglasang, shu darajada muhabbat va hurmatga sazovor bo‘lasan. Farzandim! Shuni yaxshi bilginki, bu o‘gitlarimni o‘rniga qo‘yib bajarib, keragichalik amal qilib, o‘zingning shaxsiy istak va orzularingga. erishishing uchun ering ham o‘z istaklariga erishishi kerakdir. Ering — xojangning istaklarini o‘zingning orzu istaklaring deb bilsang, u holda bu o‘gitlarimga amal qilgan bo‘lasan!"


Izoh va o‘git

Ey, oila uyasida Jannat hayotida yashashni istagan xonim qardoshlar va kelinchaklar!

Bu o‘gitlarni (o‘n o‘gitni) qiziga uqtirgan ona ushbu mezonlarni hayoti davomida tajribadan o‘tkazgan va oila uyasini ushbu qoidalar bilan Jannatmakon bo‘lishini qiziga tushuntirgan. Oila, shirin turmush qurish va uni chiroyli idora etish uchun har bir oqila xonimga va turmushga chiquvchi aqlli qizga ushbu o‘gitlar suv va havodek zarurdir.

Qisqasini aytganda bu o‘n o‘git oila qurgan va yoki qurmoqchi bo‘lgan har bir ayolga keraklidir. Qanoat sohibi bo‘lish shirin turmush qurmoqchi bo‘lgan har bir oilaga lozimdir. Erga itoatda bo‘lmoqlik uyida totuv bir hayotda yashashni istagan har bir ayol uchun havo va suvdek zarurdir. Erning ko‘zi tushishi mumkin bo‘lgan yerlarga yaxshi e‘tibor berish erni o‘ziga mehr rishtasi ila bog’lash demakdir, uyga bog’lash demakdir.

Qanchalab go‘zal chehrali, go‘zal qomatli yosh ayollarni bilasiz-ki, ularni taniysiz-ki, andishasiz yoki tanballiklari uchun erlari tarafidan sevilmaydilar va ardoqlanmaydilar.

Bir kun bir do‘konda o‘tirgan edim. Shu do‘konga bir yosh odam keldi. Do‘konda shunday gap bo‘ldi:

- Ajab xotinini sevmadi. Xotini yosh edi, toza, pokiza, go‘zal edi. Undan go‘zalini bilmayman.

Ul yosh odam gapga qo‘shildi:

- Ota, men nima uchun undan qutuldim? Yuzi go‘zal, o‘zi go‘zal, ammo ayolligi-xotinligi yo‘q edi. Fe‘li yomon edi. Tongda uydan chiqib ketardim. Oqshomda uyga qaytib kelganimda uy tongda qanday bo‘lsa shunday turardi. Afv eting, yotoqxonam ham ertalab qanday bo‘lsa, shunday turaverardi.

Yigit yana ancha dardlarini aytdi.

Bu hikoyadagi uchinchi moddani xotirladim. Demak, aqlli bir onaning tarbiyasini olgan qizga uylanmoq kerak. Ayolni tarbiyalamoq kerak. Oilasi yaxshi qizlarga uylanmoq kerak.

Badbo‘y joylarni tozalash erning qalbini o‘ziga rom etmoq demakdir. Xushbo‘y hid kelmaydigan ayol qancha go‘zal bo‘lsa ham odamni jirkantiradi. Oqshomlari erini dog’ dasturxonlar, yog’li liboslar bilan kutib olish, aqlli xonimlarga to‘g’ri kelmaydi.

Ovqatlanish vaqtini, uyqu vaqtini yaxshi bilish zarur. Otalarimiz "jon bo‘g’izdan chiqadi" deydilar. Rejali oila hayoti jannat hayotidir. Ayol eriga, uning odat va qiziqishlariga bohliqdir. Uning vaqtini tejashi, farog’atini saqlashi kerak.

Xojasining mol-mulkini saqlash. Erining mol-mulki demak, bolalarining mol-mulki demakdir. Uyda er mulkini tejamaydigan, saqlashni bilmaydigan xotin bul uyning bekasi bo‘lmog’i dushvordir. Erining mulkini tejash va saqlashni o‘rganish va bu yo‘lda to‘g’ri, durust harakatda bo‘lish xar bir xotinning baxti uchun zarurdir.

Erning qarindoshlariga hurmat ko‘rsatish. Bu aqlli ayol uchun eng to‘g’ri yo‘ldir. Ota-bobolarimiz "gulni sevgan tikonini e‘zozlaydi" deydilar. Erining qarindoshlariga izzat va hurmat ko‘rsatishni bilmaydigan ayol huzur ichida yashash yo‘llarini bilmaydigan ayoldir. Gul sevilib, tikan sevilmaydimi? Tikonni izzat qilmagan, gul isidan bebahra holadi, Erining qarindoshlari, yaqinlariga hurmat ko‘rsatishni bilmagan aqlsiz ayol xojasining ko‘nglini ololmaydi, xojasining mehrini qozona olmaydi. U erining nafratiga uchraydi, muhabbatini so‘ndiradi. Xojasining ahrabolariga xurmat-izzat ko‘rsatmagan xotin hamma vaqt uning ko‘ziga xunuk ko‘rinadi. Bu to oilaning buzilishigacha davom etadi.

Erning sirini o‘zgalarga oshkor etmaslik. Erining ba‘zi sirlarini bilib olib ularni sahlay olmagan, to‘hrisi, xotin deyishga loyiq emasdir. Er sirini qalbini eng tubida tutishni bilgan aqlli xotinlar o‘z oilalarida huzur va rohatda yashaydilar. Erining sirini ichida saqlay olmagan ayol landovur badbaxt xotindir, u er nafratiga uchrab, xunuk ko‘rinadi, oilada baraka bo‘lmaydi. E‘timod bo‘lmagan oilada axloq ham bo‘lmaydi. O‘gitning bu moddasi ham shuning uchun har bir ayol uchun zarurdir.

Erining dinga xilof bo‘lmagan barcha amrlarini bajarish. Er so‘ziga quloh solmagan xotinlar jahannamga o‘tin bo‘ladilar. Agar xotindan er mamnun bo‘lsa, u xotin jannatga kiradi degani bo‘ladi. Jannatga kiradigan xotinlar, - er so‘ziga quloq soluvchi, erining dinga uyg’un amrlarini bajaradigan xotinlardir. Erining yuziga jahl ila tik qarab, so‘ziga quloq solmaydigan xotinlar uchun jahannam doimo bor bo‘lsin. Zotan bunday badbaxt ayollar borligidan oila uyasini jahannamdan farqi bo‘lmaydi. Bunday fe‘lli ayollar bilan yashash, bu dunyoda jahannam hayotini o‘tish bilan tengdir. Ota-bobolarimiz: "Erini suymagan xotinni eshigingda tutma", deganlar.

Shuning uchun har bir oqila ona, qizini uzatar ekan yoki bo‘yi yetgan paytidan shunga o‘xshash narsalarni o‘rgatish kerak. Bu uning oqila xotin ekanligidan dalolat beradi.

Wednesday, 21 December 2011

Laylak

Ona yosh edi. Ona navjuvon edi. Bola g’or edi, bola go’dak edi... Kunlarning birida onabola qishloqqa –uzoq qarindoshlarinikiga boradigan bo’lishdi. Ona qaddini g’oz tutib, teztez yurib borar, bola esa alang-jalang qilib atrofdagi manzaralarni tomosha qilar edi. Qishloq guzarida yarmini yashin uchirib ketgan bahaybat chinor bor ekan. Bola daraxtni ko’rib angrayibqoldi: chinorning tarvaqaylab o’sgan shoxida supradek kattakon uya qorayib ko’rinar, uyada esa oyog’i, tumshug’i uzun bir qush turar edi. Bola mo’jiza ko’rgandek taqqa to’xtab qoldi.
- Anavi nima, oyi?- dedi o’sha tomondan ko’z uzmay.
-Laylak, o’g’lim, laylak!- ona o’g’lining boshini silab qo’ydi. – Yura qol, jonim.

Bola hech qachon bunaqa qushni ko’rmagan edi. Qush negadir bir oyoqlab turardi. U yana to’xtab qoldi.
-Nima u, oyi? –dedi tag’in chinor uchiga ko’z tikib.
-Laylak, o’g’lim, laylak.
- Nimaga bir oyoqda turibdi?
Ona kuldi:
- Bir oyog’i charchagandir-da. Yura qol, jonim.

Bola hech qachon bunaqa qushni ko’rmagan edi. Qush negadir bo’ynini cho’zib tumshug’ini osmonga qaratib silkitar, shunda “tarak-tarak” degan ovoz eshitilardi. Bola tag’in to’xtab qoldi.
- Nima o’zi u, oyi?
Uning ko’zlarida quvonch bor edi. Hayrat bor edi. Ona shoshib turardi. Mingta yumushi bor edi. Hali shaharga qaytishi kerak.
-Laylak dedim-ku, jinnivoy,- deb ohista egilib, o’g’lining yuzidan o’pdi. – Senga salom beryapti-da.
Ona yosh edi. Ona navjuvon edi.

... Oradan o’ttiz besh yil o’tdi. Bola yigit bo’ldi. Ona keksayib qoldi. Oyog’idan mador,ko’zidan nur ketdi. Kunlardan birida ona-bola ittifoqo yana o’sha qishloqqa borib qoldilar. Yigit qaddini g’oz tutib tez-tez yurib borar, ona esa toliqqan oyoqlarini, og’ir-og’ir ko’tarib bosgancha harsillab kelardi. Guzardagi yarmini yashin uchirib ketgan chinor hali ham bor ekan. Buni qarangki, chinorning tarvaqaylab o’sgan shoxida hamon supradek kattakon uya qorayib ko’rinar, uyada esa oyog’I, tumshug’i uzun laylak turardi. Yigit laylakka bir qarab qo’ydiyu qadamini tezlatdi. Orqada kelayotgan ona nursizlanib qolgan ko’zlarini chinorga, chinor shoxida qorayib turgan uyaga tikdi. Shoxda osilib turgan narsa ko’ziga g’alati ko’rindi.
- Anavi nima, o’g’lim? – dedi to’xtab.
-Laylak, oyi, laylak!
Ona yaxshi eshitmadi. Uch-to’rt qadam yurib yana to’xtab qoldi. Savatdek narsa ichida bir nima oqarib ko’rinyapti. Qiziq...
-Nima, o’g’lim? – dedi ko’zlarini pirpiratib. O’gil taqqa to’xtadi. G’ashi keldi. O’zi shoshib turibdi: mingta ishi bor! Odam qariganidan keyin ezma bo’lib qolarkan-da!
-Laylak! –dedi jerkib. –Laylak deyapman-ku, karmisiz!

Shunday dedi-yu, jahl bilan tez-tez yurib ketdi. Nachora, yigit yosh, yigit navqiron. Uning yumushi ko’p. Hali shaharga qaytishi kerak… Uning g’or, go’dak bolalari bor…

O'tkir Hoshimov

Sunday, 18 December 2011

Yolg'izlik

Iqbolxon qay ahvolda uyga yetib kelganini bilmadi. Safarga jo‘nash oldidagi dilxiralik u bilan birga borib, birga qaytdi. Zinadan ohista, charchoq qadamlar bilan ikkinchi qavatga chiqdi-da, xayol parishonlik bilan qo‘ng‘iroq tugmasini bosdi. Keyin plashini shaldiratib yechib, yonidagi chamadon ustiga buklab tashladi. Eshik qirg‘og‘iga suyanganicha kuta boshladi. Ha, aytmoqchi, o‘g‘il uyda hozir nima qilsin, darsdaku. Shu payt qarshidagi uyning eshigi sharaqlab ochilib, o‘rta yoshlardagi ayolning boshi ko‘rindi.

— Iqbol Azizovna, sizmisiz? Hozir keldingizmi? To‘lqin kalitni menga tashlab ketgan edi. Hozir. — U eshikni qiya qoddirganicha shippagini sudrab ichkariga kirib ketdi. Bir nafasdan keyin kalit olib chiqdi.

— Bugun kelsa kerak, deb aytayotgan edi To‘lqin. — Qiynalmay yaxshi o‘tirdimi?

— Yo‘q, yo‘q, xabar olib turdim. Kecha darsdan kelib, rosa uy tozaladi. Ajoyib o‘g‘lingiz bor-da, Iqbol Azizovna. Qani endi, qizim bo‘lsa-yu, o‘zim kuyov qilsam.

Avvallari bunday maqtovdan Iqbolxonning og‘zi qulog‘igacha yoyilardi. Hozir esa qoshlari chimirilib lablari qimtildi. O‘sha g‘ashlik diliga yana changal urdi. Indamaygina eshikni ochdi. Uyning tashqarisiga xam, ichkarisiga ham oyoq artish uchun ho‘llangan latta tashlangan edi. Iqbolxon avvalgiday qunt bilan emas, hafsalasizlik bilan tuflisini bir-ikki surtgan bo‘ldi-da, ichkariga kirdi. Uy chindan ham lochinday bir ayolning ko‘li tekkanga o‘xshar, biron joyda ortiqcha narsa, biron yuvuqsiz idish yo‘q edi. Iqbolxonning ish stolidagi kichkina mitti guldonda sovuqdan ochilmay qolgan atirgulning ikki dona g‘unchasi turardi. Iqbolxon uni asta ko‘tarib, burni oldiga olib bordi. Hidi yo‘q. Oftob ko‘rmagan. Birdaniga bu ikki g‘unchaning biri o‘zi, biri o‘g‘li bo‘lib ko‘rindi-yu, yuragi uvishib ketdi. Hidsiz, tarovatsiz, huddi ularga o‘xshash, ikkisi ham sokin turishibdi. Ona-bola keyingi vaqtda ana shunday jimjit o‘tirishadigan bo‘lib qolishgan. Iqbolxon chuqur xo‘rsindi, guldonni joyiga qo‘yib, boshqa uyga o‘tdi. Hech qaerda g‘ubor ko‘rinmaydi. Stol ustida termos, sochiq yopilgan idishda yumshoqqina ikkita bulochka. Boshqa idishda murabbo. Ikki enlik qog‘ozda xat: «Oyijon, sizni kelib qolar, deb termosga choy damlab qo‘ydim. Oshxonada ovqat ham bor. Boshqa narsalar xolodilnikda».

Iqbolxon xatni avvalgidek ko‘ziga surtib, o‘pmadi. Endi bu shirin so‘zlarning ostida boshqa bir iztirob, boshqa bir majruhlik yotganini yaxshi bilardi. U o‘zi-ning qanchalik gunohkorligini, umri ham havasga arzigulik o‘tmaganligini yaqindagina safarga jo‘nash oldidan o‘g‘li bilan bo‘lib o‘tgan achchiq suhbatdan bilib qoldi. Bu suhbat avval kichkina oynachadek Iqbolxonning bir qismini aks ettirdi. U chuqurroq o‘ylagan sayin bu oyna kattalashar, uning butun qiyofasini, butun umrini aks etgarar edi.

Mana, hozir ham qarshisida o‘sha oyna paydo bo‘ldi. U termosdagi choydan bir piyola quyganicha, hovuriga tikilib, o‘sha oynada ko‘rinayotgan xotiralar qarshisida bosh egib, gunohkorona o‘tirardi.

Iqbolxon to‘satdan Moskvada bo‘ladigan olimlarning yig‘ilishiga jo‘naydigan bo‘lib qoldi. Yo‘l taraddudini ko‘rgandan keyin ona-bola o‘tirishib, ovqatlanishdi. O‘g‘lining yolg‘iz qolishini o‘ylagan ona qalbiga kelin orzusi tushdi. Uchinchi kursda o‘qiydigan bir qiz bilan o‘g‘lining munosabati borligini eshitgan edi. Lekin To‘lqin bu haqda onasiga sira gapirmas, gap aylanganda ham indamay o‘rnidan turib ketardi. Iqbolxon shuni o‘yladi-yu, o‘smoqchiladi: — Yaxshigina qizlardan bo‘lsa, uylantirib qo‘ysam, ko‘nglim ancha tinchirdi sendan. To‘lqinning yuzi birdan jiddiylashdi.

— Bizning uyga odam sig‘adimi?

— Nima? To‘lqin, nimalar deyapsan? Onang odam emasmi?!

To‘lqin o‘zini bosishga urinib, o‘rnidan turdi. Onasi oldidagi kosani ola turib, zaharxandalik bilan jilmaydi.

— Bu uyda hamma narsa sizning ko‘nglingizga bo‘ysunishi kerak. Men bolangiz ekanman, chidayapman.

— Nimaga chidayapsan? Senga nima zulm o‘tkazyapman, ahmoq? — Iqbolxonning a’zoyi badani titrar, suyukli o‘g‘lining og‘zidan chiqqan 6u gaplar butun vujudiga o‘t yoqqan edi. To‘lqin indamay oshxonaga chiqib ketdi. Iqbolxon harsillab uning ketidan kirdi.

— Nega indamaysan? Javob ber deyapman senga?!

— Baribir tushunmaysiz.

— Nimani tushunmayman?

— Oyijon, men bola bo‘lib, uyingizda sho‘xlik qilib, o‘z xohishimcha o‘ynaganimni bilmayman. Haddim sig‘ib, bironta o‘rtog‘imni 6u uyga olib kirolgan emasman. Eshik orqasida tuflimni yechib qo‘limga olib, undan keyin uyga qadam bosaman. Qo‘limdan stolga to‘kilgan non uvog‘iga xam bezovtalanib qaraysiz. Axir hamma narsa ham evi bilan-da.

— Voy tentag-ey, onangning uy tozalashga vaqti yo‘qligini bilasan. O‘zingga oson bo‘lsin, deyman. Axlat boshingga chiqsa, yaxshimidi?

— Mayli, ivirsisa, tozalayman. O‘rtoqlarimnikiga boraman. Ovqat yeymiz, o‘yinga tushamiz, chekamiz. Uy, albatta, to‘polon bo‘ladi. Yana aylanib borganimizda hammasi sarishta.

— Onasining boshqa ishi yo‘kdir.

— Nega yo‘q bo‘lar ekan, ishlaydi. Baribir tushunmaysiz, oyijon. Uy odamga nima uchun kerak... — Ivirsitish uchunmi?

— Shunaqa payti ham. bo‘ladi-da. Odam kirmasa, qisilib o‘tirib ovqat yesang, ehtiyot bo‘lib yursang... Qo‘ying, oyijon, baribir tushunmaysiz.

— Sen juda tushunib qolibsan.

— Bolangizning o‘yinchoqlarini yig‘ishtirmasangiz, eringizning ivirsig‘ini tozalamasangiz... Axir bu qanaqa uy?! Iqbolxon indayolmay qoldi. Jahl bilan kiyinib, chamadonini ko‘tardi. To‘lqin shoshib kiyindi-da, eshikni qulflab, onasi ketidan yugurdi. Iqbolxon taksi kutardi. To‘lqin uning qo‘lidan chamadonni oldi. To aeroportga borguncha ham ikkisidan sado chiqmadi. Samolyotga chiqish oldidangina Iqbolxon o‘g‘lini o‘pib:

— Ehtiyot bo‘lib o‘tir, — deb tayinladi.

Yo‘lda ham, majlislarda ham, ko‘chada ham bu suhbat uning xayolidan ko‘tarilmas, o‘tgan umriga sinchiklab aql bilangina emas, ruhan yetuk yurak bilan qarashga undardi. «Bolangizning o‘yinchog‘ini yig‘ishtirmasangiz, eringizning ivirsig‘ini tozalamasangiz...» Bu ikki jumla Iqbolxonning qulog‘idan ketmas, har eshitilganda vujudi azobdan seskanar, o‘zi tan olishga qo‘rqib, qalbiga ko‘mib yuborgan bu ta’na toshi.unga o‘zi kutgandan ko‘ra dahshat bilan urilgan edi.

Iqbolxon aspiranturada o‘qiyotgan vaqtida turmushga chikdi. Eri Yo‘ldoshali ham aspirant edi. Oradan bir yil o‘tar-o‘tmas To‘lqin tug‘ildi. Yo‘ldoshali dissertatsiyasini yoqlab oldi, ammo Iqbolxonniki cho‘zilib ketdi. Uning tuni ham, kuni ham o‘g‘liga band edi. U kallasidagi gaplarni qog‘ozga tushirishga vaqt topolmay yurganida, Yo‘ldoshali yarim kechagacha gazeta, kitob titib o‘tirar, kechasi chala-yarim uxlagan Iqbolxon ertalab eriga nonushta tayyorlaganida Yo‘ldoshali bamaylixotir soqolini olib, atir hidini burqsitib, stolga kelib o‘tirardi.

Hammadan ham ilmiy ishining orqaga surilib ketayotganligi Iqbolxonning asabini buzar, ba’zan qahrini eriga sochib qolardi. Buni Yo‘ldoshali tushunardi. Lekin xotiniga qanday yordam berishni bilmasdi. Kechasi o‘g‘li yig‘lasa, Iqbolxondan avval turib qo‘liga olar, uyning u boshidan bu boshiga qancha yurmasin, bola tinchimas, hatto do‘rillagan ovozi bilan alla ham aytib ko‘rar, lekin chaqaloq big‘illagani big‘illagan edi. Oxir Iqbolxonning o‘zi zarda bilan turib kelib, bolani qo‘liga olardi. Yo‘ldoshali nima qilishini bilmay, ona-bola oldida serrayib turardi. Tagi quruqlangan chaqaloq pishillab uxlagandan keyin Iqbolxonning yuziga mayin tabassum yoyilardi. Yo‘ldoshali bo‘lsa xotirjam borib, o‘rniga yotardi...

To‘lqin yoshiga to‘lganida yasliga berishdi. Iqbolxon qolib ketgan ishini iziga tushirib olguncha ancha qiynaldi. Lekin tish-tirnog‘i bilan yopishdi. Bir yil o‘tgach, dissertatsiyasini himoya qilib oldi. Uyiga mehmon to‘ldi. Do‘stlari uning sha’niga qadah ko‘tarishdi. Domlalari Iqbolxonning ishidan mamnun bo‘lishdi. U endi institutda dars berardi. To‘lqinning ham unga og‘iri tegmaydigan bo‘lib qolgan. Yaslidan olib kelib ovqatlantirib qo‘ysa, uyning bir burchagida o‘yinchog‘ini o‘ynab o‘tiraveradi. Iqbolxon darsdan kela solib, uy yumushlariga unnab ketar, kechasi o‘g‘lini uxlatib qo‘yib, darsga tayyorlanar edi. Bu vaqtda Yo‘ldoshalining doktorlik ishi oxirlashib qolayozgan edi. Iqbolxon unga ham havas, ham hasad bilan qarardi. Bir vaqtlar o‘zi bilan teppa-teng bo‘lgan eri, mana, yaqinda doktor bo‘ladi. Iqbolxonning bo‘lsa ro‘zg‘or, bolasidan ortgan ozgina vaqti darsga tayyorlanishga zo‘rg‘a yetardi. Buni o‘ylagan kezlarida ko‘ziga uyi uni domiga tortayotgan ajdahodek sovuq ko‘rinib ketar, kichkina yumush ham malol kelardi.

Bir kuni Yo‘ldoshali allamahalgacha o‘tirib ishladi. Iqbolxon endi yotaman deb turganda choy so‘rab qoldi. U choy olib kirganida kabinet tutunga to‘lib ketgan, Yo‘ddoshali bo‘lsa boshini ko‘tarmay ishlardi. Iqbolxon fortochkani ochib qo‘yib, indamay chiqib ketdi. Lekin ko‘nglidan, shundoq gazga qo‘ysa qaynaydi-ku, buncha noshud bo‘lmasa bu erkaklar. Fortochkani ochib qo‘yish ham qo‘lidan kelmasmikin, devorlargacha hid o‘rnashib qoladi, bolani ham ayamaydi, degan fikr o‘tdi.

Yo‘ldoshali ertalab shoshilibgina kiyindi. Choyni ham tikka turib ichdi.

— Toza ro‘molcha bormi?

O‘g‘lini kiyintirayotgan Iqbolxonning fig‘oni falakka chiqib ketdi.

— Juda ham taltayib ketdingiz. Axir men ham sizga o‘xshagan odamman.

— Men nima qildim?

— Ro‘molchani ham o‘zingiz ololmaysizmi?

— Tuflim bilan kirmay deyapman.

— Boshqa vaqtda ham shusiz. Insofingiz yo‘q sira.

— Nima qilishim kerak?

Erining bu gapi Iqbolxonga juda sovuq eshitildi.

— Meni o‘ylaysizmi? Shu ham odam, buning ham ishi bor, ishlashi kerak, deb o‘ylaysizmi?

— Nima qilay bundan ortiq? Sizning o‘rningizga o‘tib turolmayman-ku, axir! — u shunday dedi-yu, shoshib chiqib ketdi. Bu gaplar Ikbolxonga shu qadar sovuq, shu qadar dahshatli eshitildiki, kechagacha qulog‘i ostidan ketmadi. Bu gaplar bilan oralaridagi butun iliq munosabat tamom bo‘lganday edi. Ug‘lini har kungidek erkalamadi. Go‘yo u hammasiga aybdordek siltab-siltab yasliga olib ketdi. Ishda ham ochilmadi. Kayfi buzuq, hayol parishonlik bilan kunni o‘tkazdi. Nima uchun yashashi kerak bu odam bilan? Kuni o‘tmay qoladimi? Bittagina bolasini guldek qilib boqib oladi. Dissertatsiya himoya qilganda qancha iliq-issiq gaplar eshitdi. Mehnati yuzaga chiqdi, obro‘ orttirdi. Uyning yumushi-chi? Hech kim min-natdor bo‘lmaydi. Aqalli xafa bo‘lmang, endi qanday qilamiz, deb ham qo‘ymadi. Sizning o‘rningizga o‘tib turolmayman, emish. U kishi yaqinda doktor bo‘ladi. Bu-runlari ko‘tarilyapti. Ha, pisand qilmay boshlayotgani bu!

Iqbolxon uyiga kelganida ham kallasida shunday gaplar aylanib yurardi. Kechki ovqatga unnamadi. O‘g‘liga yarasha ovqat qilib yedirdi-da, o‘zi ish stoliga o‘tirdi. U ham doktorlik ishini boshlaydi. Ha, ha, boshlaydi. Eriga ko‘rsatadi o‘zining kimligini. Shu uy bo‘lmasa, nimaga qodirligini ko‘rsatadi.

Yo‘ldoshali kelganida oshxonada har kungidek jaz-biz yo‘q, uy jimjit, xotini mukkasidan tushib ishlab o‘tirardi. Ertalab jahl ustida o‘zining qo‘pollik qilib yuborganini o‘shandayoq sezgan, o‘zi pushaymon edi. U yechinmasdan xotinining yoniga bordi, bir qo‘lini uning yelkasiga qo‘yib, ikkinchi qo‘li bilan stolga tiralganicha yozayotganiga bir nafas tikilib turdi. U shu bilan xotinidan kechirim so‘rayotgan edi. Iqbolxon buni sezdi. Lekin ertalabki sovuq gapning yuragida qolgan muzi qimirlamadi. U eriga qaramadi, indamay ishini qilaverdi. Yo‘ldoshali yechinib, yuvinib kirdi. Keyin oshxonaga o‘tib, u yoq-bu yoqni qaradi. Choy qo‘ydi. Qorni juda och edi. Xolodilnikni ochib, go‘sht oldi. Piyoz to‘g‘radi. Keyin yana uyga kirdi.

— Turing, ikkalamiz birgalashib bitta ovqat qilaylik. Siz konsultatsiya berib turasiz...

— Menga ovqat ham, uy ham kerak emas.

— Qo‘ying endi shu gaplarni.

— Boshqa xotin oling. Uyda o‘tiradigan, ha, uyda o‘tiradiganini oling. Ana shunda har kim o‘z o‘rnida turadi.

— Iqbolxon...

— To‘ymay qolgan qornim bormi?

— Axir qorin uchun yashamaydilar...

— Ter hidi bijg‘igan ko‘ylagingizni yuvmasam, yuvmabman.

Yo‘ldoshalining qovog‘i tushdi-yu, indamay qoldi. To‘g‘ralgan go‘sht, piyoz o‘shandoq qolaverdi. Yo‘ldoshali kiyindi. Papiros chekib, bir nafas tikka turdi-da, chiqib keta boshladi.

— Men siz bilan turmayman, turishni istamayman, — dedi uning ketidan Iqbolxon. Io‘ldoshali eshitdi. Eshitdi-yu, qo‘lini eshik tutqichidan olmay bir nafas turib qoldi. Eshikning yopilgani eshitildi. Zinadan tush-an sayin uning qadam tovushlari olislashib, keyin jimidi. Iqbolxon o‘rnidan turmadi, derazadan uning qaysi tomonga ketganini ko‘rmadi ham. Kechiring meni, sizni bilmay xafa qildim, desa tiliga tirsak chiqarmidi? Sovuq gapni aytish mumkinu uzr so‘rash shunchalik qiyinmi? Shu ahvolda yashab nima qiladi bu odam bilan? Iqbolxonning qarori qat’iy edi.

Yo‘ldoshali kechasi qaytdi. U shirakayf edi. Iqbolxon yana indamadi. O‘shanda shu uch xonalik uyni olishganiga hech qancha bo‘lmagan edi. Iqbolxon internatda o‘sgan, hech kimi yo‘q. Yo‘ldoshali esa Surxondaryoning bir qishlog‘idan bo‘lib, Toshkentga o‘qishga kelgan, uylanib, shu yerda qolib ketgan edi. Ikkalasining ham boradigan joyi yo‘q. Iqbolxon qarorini o‘zgartirolmadi. Ertalab ikkalalaridan biri uy topib chiqib ketishlari kerakligini aytdi. Io‘ldoshalining rangi oqarib ketdi. Lekin indamadi.

— Siz bola bilan qiynalmang bo‘lmasa. Men, har qalay, erkak kishi... Hech bo‘lmasa, To‘lqinni o‘ylasangiz bo‘lar edi. — Sizning bor-yo‘qligingizdan nima foyda unga?

— Nahotki... Yengiltaklik qilyapsiz, Iqbolxon.

Iqbolxon yuragi torlik qilib chimirildi:

— Bilasiz-ku, biz yosh bolalar emasmiz. Yengiltak bo‘lsam ham har qalay, o‘ylayotgandirman.

— Shunaqami?

— Ha, shunaqa.

U chiqib ketdi. Iqbolxonning yuragi jizillamadi. Erining kafedrada yotib yurganini eshitdi, do‘stlar o‘rtaga tushishdi, lekin ko‘nmadi. Uning hayoli endi dok-torlik dissertatsiyasi bilan band edi.

Doktor ham bo‘ldi, pul ham, obro‘ ham topdi. O‘g‘li ham o‘sib, katta yigit bo‘lib qoldi. Lekin yillar o‘tgan sayin nimadir yuragini ezar, bu yolg‘izlik, yakkalik eka-nini tan olishga qo‘rqardi. Yo‘ldoshali uylanib, bola-chaqalik bo‘lib ketdi. Iqbolxon kirini birovga yuvdirdi, uyini birovga tozalatdi. Butun vaqtini, umrini ilmiy ishga berdi. Uzoq yillargacha o‘zining hatti-harakatini o‘zi ma’qullab yurdi. Lekin endi-chi? Endi hamma-sini tushundi-yu, befoyda, umr o‘tdi. U uy, oila tashvi-shiga chidamaganligini ham, Yo‘ldoshalining yomon odam emasligini ham endi tushunardi. Lekin qalbida kechgan hislarni o‘g‘lidan yashirar, onasini shunchalik muhokama qilishga aqli yetib qolganligini bilmasdi. To‘lqin o‘zi kamgap bo‘lib o‘sdi. Buni Iqbolxon goh otasiga tortdi desa, goh yolg‘izligidan deb bilar, ba’zan Yo‘ldoshalinikiga borib turganligidan ko‘rar, har qalay, o‘g‘il bola-da, otasi bilan bo‘lgisi keladi, balki boshqa bolalaridan rashk qilarmikin, deb o‘ylardi.

«... Bolangizning o‘yinchog‘ini yig‘ishtirmasangiz, eringizning ivirsig‘ini tozalamasangiz...» Iqbolxonning yuragiga bir narsa sanchilgandek bo‘ldi. Bu gap uning qalbida o‘zi sezmay yotgan dardlarini ham yuzaga olib chiqqandi. U xo‘rsinib, o‘rnidan turdi. Piyoladagi choy allaqachon sovib qolgan edi. Hozir u o‘sha papiros ezg‘ilanib yotgan kuldonni ham, joniga tekkan vaqtini olgan o‘sha ro‘zg‘or tashvishlarini ham juda-juda qo‘msardi. Uning yuragidagi 6u ehtiyoj ko‘z yoshlariga aylanib, yuzidan oqdi. Bu irodali ayolning umrida birinchi o‘kinib yig‘lashi edi. Ana shu ehtiyoj — bekalik mashakqati, bekalik baxti qiz bo‘lib tug‘ilganida u bilan birga tug‘ilganligini endi yaxshi bilardi. U bir tomonlama baxt topdi. Mukammal baxt uchun esa oila va bir-birining tashvishi bo‘lishi kerak edi. Eshik ochildi. To‘lqin engashganicha tuflisining ipini bo‘shatardi.

— Kiraver, kiraversang-chi, o‘g‘lim!

— Hozir, oyijon! — onasini hamma vaqt ish ustida, jiddiy ko‘rishga o‘rganib qolgan To‘lqin uning yig‘layotganini ko‘rib, qo‘rqib ketdi.

— Nima bo‘ldi? Birov xafa qildimi?

Iqbolxonning battar xo‘rligi keldi. O‘g‘lini bag‘riga bosdi.

— Hech kim xafa qilgani yo‘q. O‘zim. Seni sog‘indim. Uylan, o‘g‘lim, bolalaringni boqaman. Boshimga qo‘yib, jon deb boqaman, onangni juda bag‘ritosh dema, qo‘rqma, o‘g‘lim. O‘yinchoqlar olib kelaman, shirin-shirin ovqatlar pishirib beraman, bog‘chaga, muzika maktabiga olib boraman bolangni. Uylan, jon o‘g‘lim.

To‘lqin 6u ahvoldan juda dovdirab qolgan edi. O‘zining gapi onasiga og‘ir botganligini o‘ylab, afsuslanar, yuzlariga tegayotgan, tagidan oqi ko‘rinib turgan siyrak, qizg‘ish sochlarini silar, hadeb:

— Oyijon, xo‘p, faqat yig‘lamang, — deyardi. Iqbolxon yuragidagi bo‘shliqni, butun umridagi bo‘shliqni to‘ldirib turgan yakkayu yagona baxtiga suyanib, ana shu vujudning nafasidan o‘zining yo‘qotgan ayollik, onalik mashaqqatini qidirardi.

Saida Zunnunova