Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг «Анна Каренина» деб номланган асари шундай сатрлар билан бошланади: «Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир». Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи! Икки толиба дугонанинг бири ҳаё тарбиясини мукаммал олган, иккинчиси эса саёз. Ўша иккинчиси базму зиёфатларда яйраган пайтида кутубхонада ўтирган дугонасидан кулади, чиройли кўйлак сотиб олишга пули етмагани учун уни бахтсиз деб ҳисоблайди.
...
Афсуски, қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб бойлигини беришни унутиб қўямиз. Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари хотиннинг эр ҳузуридаги бурчи хусусида фикр юритиб, шундай ёзганлар:
“Эрнинг хотинидаги ҳаққи мавзуида ҳаммага ёқадиган гап шулки:
-Никоҳ, қайси бир жиҳатдан бандаликдир, демак, хотин эрининг олдида бандаликни адо этиши шартдир.
Бу борадаги қатъий ҳукм шундан иборатдир:
-Хотин гуноҳ бўлмайдиган ҳар қандай масалада эрининг хоҳишларига сўзсиз итоат этиши керак.
Аллоҳ Расули дедилар: “Қайси хотиннинг эри ундан мамнун ҳолда вафот этса, ўша хотин албатта жаннатга киради”.
Эрдан берухсат уйдан бировга бир нарса бермаслик, эрдан рухсатсиз нафл рўза тутмаслик ҳам эрнинг хотиндаги ҳаққи жумласига киради. Агар эрига билдирмай унинг мулкидан бировга бир нарса берса – хотинга гуноҳ, берилган садақанинг савоби эса эрига ёзилади. Эридан ижозат олмай рўза тутса қабул бўлмайди, оддий очлик ва чанқоқлик бўлади. Хотин эридан изн олмай уйидан чиқса, уйига қайтиб келгунича ва тавба қилгунига қадар фаришталар унга лаънат ўқийдилар.
Ҳақ-ҳуқуқлар бўйича кўрсатмалар етарли. Лекин уларни бажаришда баъзан хатоликларга йўл қўйилади. Яқинда бир маҳаллада ёш оила бузиладиган даражага келди. Эрнинг даъвоси битта: хотин унинг чўнтагидан пул олган. Эр юқорида зикр этилган ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Тўғри, хотин у ухлаб ётган маҳалида чўнтагидан пул олган. Лекин атайин беркитиқча эмас, сут харид қилиш учун олган. Эри кеч келиб, уйқуга кеч ётгани учун уйғотиб сўрашга кўнгли бўлмаган. Бу – бирламчи. Иккиламчи ва энг муҳими – хотин бундай кўрсатмалар ва ҳукмлардан бехабар. Ота-онаси ҳам, эри ҳам унга бу ҳақда гапиришмаган. Шундай экан, уни айблаш, бизнингча, инсофдан эмас. Бу ўринда эрнинг норози бўлиши нотўғри. Хотиндан ажрашишга баҳона қидириб юрганида шу воқеа содир бўлгану, ҳукмга маҳкам ёпишиб олган. Бу жаҳолатдан бошқа нарса эмас.
Оиладаги эр ўрнини, мартабасини чойхонада тўпланадиган тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси:
«Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ислоҳ этишга уриниш бўлса, билингки, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етилади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оила бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.
Демак, оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий масъулияти бор экан. Аёлнинг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканларини унутган айрим эрлар борки, уларнинг ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти келмадимикин?
Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмиза олмаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи. Ислом дини оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради. Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди» (Бақара сурасидан). Ислом дини эр куч-қувватли деб, аёлни эр тарафидан хўрлатмайди; аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди.
Баъзи бир эрлар дейишсаки: «Мен хотинимнинг ҳаққини билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам, хумордан чиқмайман. Урмасам, қўлим қичиб туради». Шундайми? Яхши, аммо бунинг учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни огоҳлантиради: «У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур». Ажаб! Нега охират куни эр ўз хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз, қандай яшагингиз келса, яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди. Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимаган, сариқ чақага олмаган, ҳақоратлаган, хўрлаган, қул ўрнида кўрган одамининг шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. «Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, улар сизнинг ёрдамчиларингиз ва сизнинг мададингизга муҳтождирлар. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир». Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Вадо хутбаларидаги бу васиятларини ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу, Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақлаш керакдир, дегани бўлади.
No comments:
Post a Comment