Friday, 18 May 2012

Илоҳий чизма


Бола курсида ўтириб матога гул солаётган онасининг ишини тескари томондан томоша қиларди. Қанча тикилмасин, ҳеч нарса тушунмади ва онасига деди:

– Сиз чиройли нақш тикяпман дегандингиз, аммо мен чалкашиб кетган ипакларни кўряпман, холос.

Она кулимсираб ўғлининг сочларини силади ва:

– Сен бир оз ўйнаб кел, – деди. – Нақшни битирганимдан сўнг томоша қиласан, хўпми?

Бола кўчадан қайтганида нақш битган эди. Онаси унга: “Мана, энди каштани ўнгидан кўр-чи!” деди. Боланинг кўзлари яшнаб кетди – чамбарга таранг тортилган матога жудаям гўзал гул тасвири тикилганди. Ҳайрати янаям ошди – нега терсидан қаралса, чалкаш ипаклару, ўнгидан қаралганда ажойиб нақш?

– Тескаридан қарасанг, нақш чалкаш туюлгани сабаби, – тушунтирди она, – сен тикиш олдидан матонинг ўнгига чизиб олинган асос режани кўрмагандинг. Ипакларни ўша чизма устидан юргизиб чиқдим ва кўриб турганингдек гул тасвири юзага келди...

Бола умр бўйи онасининг ана шу гапини унутмади. Улғайганда ҳам турфа ҳодисаларга дуч келганда ўша воқеани эслайдиган бўлди. Ҳаётининг худди нақш сингари илоҳий қудрат қўли ила яратилгани; у учун чалкаш, маъносиз ва ёмон кўринган ҳодисалар аслида илоҳий чизма бўлиб, улар асосида гўзал тасвир вужудга келиши, хайрли якун насиб этишига ишонгани учун ҳам аҳволидан асло шикоят қилмади...

No comments:

Post a Comment