Мусо алайҳиссалом сўрадилар: «Эй раббим, одамзод сенга қандай шукр қилади?
»Аллоҳ деди: «Неъматни мендан деб билса, ўша унинг қилган шукридир»
Ҳадис
Адл қоматимиз, соғлом ҳаракатларимиз, истарали кўринишимиз билан кўчаларни тўлдириб, атрофдагиларнинг ҳавасини келтириб ўтиб борамиз. Кўнглимизга ғурур тўлади: «Нафсиламрини айтганда, анча-мунча одамдан кўринишим текис менинг!» деб қўямиз ва атрофга тепадан пастга қарагандай назар соламиз! Мана шу туриш Ҳақни унутишнинг бир кўринишидир!
Хўш, сиз бу тўкис суратингизни ўзингиз чизиб олдингизми? Бу қоматларни ўзингиз бино этдингизми? Бу мукофот сизнинг чекингизга Аллоҳнинг муруввати билан тушиб турибди-ку! Ва бу сазоворлик эвазига сиз нима қайтардингиз? Ҳеч йўқ астойдил раҳмат айтдингизми? Талай нотўғри жиҳатларингиз борлигини ўзингиз билиб турасиз, бу туҳфаларга муносибманми ё йўқ дея, ўз мағзингизни бир баҳолаб кўрдингизми? Агар ўзингизни тафтиш эта билганингизда эди, Яратганга йиғлаб юриб, тинмай шукроналар айтган бўлардингиз, менга берган ҳадяларингга мени муносиб айлагин деб илтижо қилардингиз. Сиз каби чирой-чимматлари бўлмаса-да, не-не гўзал ишлар ирод этаётган кишиларнинг олдида хижолат чекардингиз, феълу атворингизни ростлашга тушардингиз. Шукронали кишининг қиёфаси шундай бўлур, биродар!
Сизнинг ихтирочи миянгизни, номингизни машҳур қилган қаламингизни, мансабдорлик курсингизни ёки ҳофизи асиллигингизни берган Аллоҳдир. Ўзингизга айтилган ҳамма офаринларни Унга йўлламоғингиз, бу истеъдод Яратганнинг сизга имтиҳон учун берилган омонати эканлигини ҳар дақиқада ҳис этмоғингиз ва Ўзи истаган вақтда сизни бу неъматдан махрум этиши мумкинлигига иқрор бўлиб турмоғингиз даркор! Ана ўшанда кибрдан нари юрасиз, харомдан ҳазар қиласиз. Аллоҳ берган истеъдод, қўлу оёқ, кўзу тил, дилни беҳудага исроф қилишдан тийиласиз!
Ҳикоя қилишларича, машҳур Эйнштейн худони тан олмас экан. Ҳасталанган олимнинг аҳволи оғирлашиб, жон таслим қиладиган вақти етибди. Аммо ҳадеганда жони узила қолмасмиш. Унинг қийналишидан атрофидагилар ҳам қайғуга тушибдилар. Ва ниҳоят бир дўсти унга: «Бу вазият Аллоҳдан. Уни тан ол, нимага эришган бўлсам, Сен туфайлидир, мендаги ҳамма имконларни берувчи Ўзинг, жон аччиғидан ҳам Ўзинг халос қил деб сўра»,- дебди. Бемор иқрор бўлиб, шу сўзларни айтиб бўлишига жони танидан узилган экан...
Ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билувчи одам атрофга меҳр ва ихлос билан қарайди. «Яратганнинг неъмати» дея ҳеч нарсани исроф ва пайҳон қилмайди. «Аллоҳнинг бандаси» дея, кишига озор бермайди, уни камситмайди. Бировнинг молини ўғирламайди, чунки ўша бировга бу молни бергувчи ҳам Яратганнинг Ўзидир, бандани тунаш Аллоҳни тунашдай гап! У билан Ўзи ҳисоблашади!
Дейлик яна, сен бир солиҳ кишини ўзингга рақиб сайлаб, дилини ноҳақ сўзлар билан устма-уст яраладинг. У бечора дил оғриғи билан овора бўлиб, сени қарғагани ҳам йўқ. Аммо ёқа ушлайдиган даражада тез муддатда Аллоҳ хонумонингни мотамсарога айлантиради. Сен агар ҳасад ва қасд билан бировни бурчакка сурсанг, Худо сени қайтиб туролмайдиган қилиб ер билан битта қилади! Ўзи яратган неъматларига Аллоҳнинг Ўзи ҳимоячидир!
Ҳамма нарсани Яратгандан деб билган ва унга доимий шукронада бўлган одам йўқотган нарсаларига ҳам пушмон қилмайди. Наинки, Аллоҳнинг ҳамма иши яхшиликкадир. Яъни, бир нохушликдан кейин, албатта қўшалоқ қувончга муяссар этади. Ёки сени катта бир қайғудан асраш учун, кичикроқ ташвишга рўбарў қилади. Демак, бошингга тушган ёмон кунни ҳам Ҳақнинг марҳамати деб билиш ва шукр қилиш адолатдандир.
Ривоят қилишларича, бир одам ўғилларидан бирини олиб саёҳатга чиқибди. Қисматни қарангки, саёҳат пайтида ўғлини от тепиб ўлдирибди. Ўзининг эса оёғидаги қорасон касаллиги кучайиб, уни кестириб ташлашга мажбур бўлибди. Сафардан қайтиб, уйига кирар экан, аҳли аёлини тинчлантириб дебди: "Қўрқманглар ва мамнун бўлинглар: Аллоҳ менга тўрт фарзанд берган эди, биттасини олиб, учтасини қолдирди, шунисига шукр. Иккита оёқ берган эди, бирини қолдирди, бунга ҳам шукр. Бир марта дард тортдим, аммо танам узоқ вақт саломат юрадиган бўлди. Кўрдингизми, Аллоҳ мендан озгина нарсани олиб, кўпини қолдирди"- дебди минг ризолик билан. Ҳол сўраб келган, ўша давр илм аҳлидан бўлган бир киши унга янада аълороқ фикрни айтибди: «Эй Абу Абдуллоҳ, сиз хурсанд бўлинг. Чунки аъзоларингиздан ва болаларингиздан бири сиздан олдинроқ жаннатга кирди. Аллоҳ хоҳласа, бутун қисмга эргашгусидир. Аллоҳ таоло бизга сизнинг илмингизни қолдирди, биз шунга муҳтожмиз. Ҳисоб-китоб қилувчи Яратганнинг ўзидир».
Яна бир ҳадисдаги чиройли ҳикоят эсимга тушди: жангда асир олинганларнинг ичида бир ёш жувон атрофга безовта қарар, ҳадеганда ҳали у гўдакни, ҳали бу гўдакни бағрига олиб эмизар эди. Бунга разм солиб турган Расулуллоҳ с.а.в ёнидагиларга дедилар: «Анови аёл ўз боласини ўтга ташлай оладими?» Биз: «Йўқ, асло ташлай олмас»,-дедик. Шунда у киши: «Аллоҳ таоло ўз бандаларига боласига меҳрибончилик қилаётган манави аёлдан ҳам меҳрибонроқдир!»-дедилар. Шундай, биродар, Яратганнинг борлигига кунда минг бора шукр келтирайлик. Шукронаси бор одам бахтли одам, чунки Худо унга таҳлил қувватини берган ва у ўзининг ҳар қандай аҳволотидан ором, юпанч топа олади.
(c)Турсуной Содиқова
No comments:
Post a Comment